Ўзбек автомобилсозлари Россияга авто етказишдаги муаммолардан шикоят қилмоқда

Ўзбекистонлик автомобилсозлар Россияга Ravon автомашиналари етказиш бўйича яна муаммоларга дуч келаётганларини айтмоқдалар. Россия нашрларининг ёзишича, бу гал Ravon R2 автомобилларини етказиб бериш божхоналарда узоқ чўзилаётган расмийлаштириш ишлари туфайли кечикмоқда.

Айтилишича, ҳозиргача Россиядаги автосалонларга биронта ҳам Ravon R2 автомобили етиб келмаган.

Май ойи ўрталарида Ravon ширкати вакиласи Елена Кузнецова Россияга автомобиль етказиб беришда муаммолар пайдо бўлганини билдирган ҳамда буни темир йўл транспорти ҳақларининг ошганию олиб келинаётган автомобилларнинг ҳаммаси сотиб олинмагани туфайли божхонада муаммолар юзага келгани билан изоҳлаган.

Россияда Ravon R2 автомобиллари жорий йилнинг 10 апрелидан расман сотила бошлаши лозим эди. Бу пайтгача автомашина пулини олдиндан тўлаб қўйган анчагина россиялик харидор икки ойдан буён уловига эга бўлолмай хайрон.

Ўзбек автомобилсозлари тез орада божхонадаги муаммолар ҳал бўлиб, автомашиналар эгаларига етиб боришига умид қилмоқдалар.