Миср авиаширкати учоғи портлаш хавфи туфайли мажбуран Урганчга қўнди

EgyptAir учоқларидан бири.

EgyptAir авиаширкатига қарашли бўлган ва Қоҳирадан Пекинга учаётган самолёт портлаш хавфи туғилгани туфайли Урганчга ошиғич қўнди. Бу ҳақда Баҳрайннинг Ал-Васат нашри авиаширкатдаги ўз манбаларига таянган ҳолда хабар қилади.

Мазкур учоқда портлаш мосламаси борлиги ҳақида аноним манба хабар қилганидан кейин учоқ Ўзбекистон аэропортларидан бирига шошилинч равишда қўнган. Ҳозирда учоқ мутахассислар томонидан текширувдан ўтказилаётгани айтилмоқда.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиаширкати матбуот хизмати маълумотига кўра, ўзбек аэропортига қўнган Миср учоғи бортида 17 нафар экипаж аъзоси ва 118 нафар йўловчи бўлиб, ҳодиса ортидан уларнинг ҳаммаси эвакуация қилинган.