Хитой раҳбари Ўзбекистонга расмий сафарини Бухородан бошлади

Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзинпин рафиқаси билан самолётдан тушмоқда.

Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзинпин Ўзбекистонга расмий сафарини Бухородан бошлади.

21 июнь куни Бухорода қисқа муддат сайр қилган Си Цзинпин кечга яқин рафиқаси Пэн Лиюань билан бирга Тошкентга келди. Тошкент аэропортида Хитой раҳбарини президент Ислом Каримов рафиқаси Татьяна Каримова билан бирга кутиб олди.

Хабарда айтилишича, икки давлат раҳбарлари учрашувида “Ипак йўлининг иқтисодий камари” лойиҳасини амалга ошириш масаласи тўғрисида сўз бўлади. Бундан ташқари томонлар халқаро ва минтақавий муаммоларни муҳокама қилади.

Си Цзинпин Тошкент сафари доирасида Ўзбекистон Олий мажлиси депутатлари олдида чиқиш қилиши кутилмоқда.

Хитой раҳбарининг Тошкентга расмий сафари бугун ниҳоясига етади. Шундан сўнг у 23-24 июнь кунлари Ўзбекистон пойтахтида ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг 16-саммитида иштирок этади.