Қамоқдаги ҳуқуқ фаоли Ғанихон Маматхоновнинг жазо муддати узайтирилди

30 май куни жиноят ишлари бўйича Қизилтепа туман суди фарғоналик ҳуқуқ фаоли Ғанихон Маматхоновнинг жазо муддатини яна 3 йилга узайтириш ҳақида ҳукм чиқарди. Бу ҳақда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти 27 июнь куни ҳуқуқ фаолининг ўғли Жамолхон Маматхоновга таянган ҳолда хабар тарқатди.

65 ёшли Ғанихон Маматхонов фирибгарлик ва пора берганликда айбланиб, 2009 йил 12 октябрида ҳибсга олинган ва ўша йилнинг 25 ноябрида жиноят ишлари бўйича Охунбобоев туман суди ҳукми билан 5 йилу 2 ойга озодликдан маҳрум қилинган. 2014 йил 17 мартида у қамоқхона маъмурияти талабларига бўйсунмаганликда айбланиб, Навоий вилояти Қизилтепа туман суди ҳукми билан яна 2,5 йилга озодликдан маҳрум қилинганди.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш Бош бошқармаси навбатчилик қисми Озодликка Ғанихон Маматхоновнинг жазо муддати узайтирилганини тасдиқлади.