Ўзбекистон бош прокуратураси Улуғбек Рўзиқулов жиноий жавобгарликка тортилмаганини айтмоқда

Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Улуғбек Рўзиқулов.

Ўзбекистон бош вазири ўринбосари, “Ўзавтосаноат” акциядорлик компанияси раёсати раиси Улуғбек Рўзиқуловнинг Ўзбекистон бош прокуратураси томонидан жиноий жавобгарликка тортилгани ҳамда унга нисбатан уй қамоғи шаклида эҳтиёт чораси белгилангани ҳақиқатга мувофиқ келмайди. Бу ҳақда Ўзбекистон бош прокуратураси матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Прокуратура вакилларига кўра, Рўзиқулов жавобгарликка тортилгани ва уй қамоғида тутиб турилгани хусусида Интернет тармоғидаги айрим сайтлар томонидан тарқатилган маълумот “ҳақиқатга мувофиқ келмайди, ҳозирги пайтда Бош прокуратура ишловида Рўзиқуловга нисбатан қўзғатилган жиноят иши йўқ”.

Улуғбек Рўзиқулов вақтинча ишдан четлатилиб, гувоҳ ўлароқ сўроқ бераётгани ҳақида Озодлик май ойи бошларида хабар қилганди. Бироқ Озодлик материалида бош вазир ўринбосарининг жиноий жавобгарликка тортилгани ёки уй қамоғида сақланаётгани ҳақида сўз йўқ.