Ўзбек фармацевти саратонни тумов каби осон даволаш йўлини топганини иддао қилди

Ўзбекистонда кейинги йилдан саратоннинг ҳар қандай турини даволайдиган янги дори ишлаб чиқарилади. Бу ҳақда Podrobno.uz сайтига “Rigard Farmsintez” деб номланган Ўзбекистон-Латвия қўшма корхонаси бош директори Рустам Нуриддинов билдирган.

- Бизнинг янги дори ишлаб чиқариш методимиз дунёда йўқ. У фаол моддаларни саратон тўқимасига етказиб беришни 3-5 фоиздан 95 фоизгача ошириш имконини беради. Бу эса муаммо ҳал бўлди деганидир, - деди Рустам Нуриддинов.

Ўзбек фармацевти иддаосича, бу дори қабул қилинган тақдирда кимёвий терапияга эҳтиёж қолмайди.

- Бемор дорини капсула шаклида истеъмол қилади. Касаллик худди тумов каби даволанади, дейиш мумкин, - деган фармацевт синовлар даволаш курси қанча давом этишини кўрсатишини қўшимча қилди.

Унинг айтишича, мазкур дори-дармонларни яратиш устида канадалик, латвиялик ва ўзбекистонлик олимлар бир неча йил меҳнат қилган. Кимё фанлари доктори илмий даражасига эга Рустам Нуриддинов узоқ йиллар Латвиядаги Органик синтез институтида ишлаган. У бугунги кунда спорт оламида шов-шувли жанжалга сабаб бўлаётган мельдоний препарати ижодкорларидан биридир.