Ўзбекистонда мобил алоқа хизмати кўрсатиш тартиби ўзгартирилиши мумкин

Ўзбекистонда мобил алоқа хизмати кўрсатиш тартиб-қоидалари ўзгартирилиши мумкин.

Ўзбекистон ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш бўйича вазирлиги мобил алоқа кўрсатиш тартибининг янги таҳририни муҳокама учун жамоатчиликка тақдим этди.

Лойиҳада мобил алоқа дилерларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари алоҳида бир бобда келтирилгани энг асосий ўзгариш бўлгани айтилмоқда.

Бундан ташқари мобил операторлари абонентларни огоҳлантирмай туриб, алоҳида пулли хизматларни жорий эта олмайди. Мобил операторлари абонентларни бепул ёки имтиёзли гаплашиш вақти, SMS ва бошқа маълумотларни жўнатиш лимити тугагани ҳақида огоҳлантириш мажбуриятига эга бўлади.

Лойиҳада абонентларнинг шикоятлари ва мурожаатларига мобил операторлар аввалги тартиб - қоидаларда белгиланганидай 30 кун ичида эмас, 15 кун ичида жавоб қайтариши шарт экани ҳам қайд этилган.