Ўзбекистонда 20 минг доллар пора олаётган солиқчилар ҳибс қилинди

Ўзбекистон миллий хавфсизлик хизмати Самарқанд вилоят солиқ бошқармасининг уч ходимини пора олганликда айблаб қамоққа олди.

Podrobno.uz нашрининг хабар беришича, бошқарманинг солиқларни текшириш бўлими бошлиғи К.Ворисов нозирлар А.Тўраев ва К.Давлатов билан тил бириктириб,”Пойариқ Петрол” ширкати раҳбаридан солиқ қонунчилигини бузганини яшириш учун 20 минг доллар миқдорида пора талаб қилган.

Хабарда айтилишича, ширкатни текшириш натижасида солиқчилар иккита акт тайёрлашган. Биринчи ҳужжатда ширкат 1триллион 400 миллиард сўм, иккинчи ҳужжатда 125 миллион сўм солиқни яширгани қайд этилган. Солиқчилар, агар ширкат раҳбари 20 минг доллар пора берса, биринчи актни йўқ қилиб, иккинч актни расмийлаштиришларини айтган.

Хабарда мазкур солиқчилар бундан аввал ҳам порахўрлик билан шуғулланиб келгани ҳамда Самарқанд вилоятидаги 50дан ортиқ тадбиркорлардан пора олиб келгани билдирилган.