Россияда GM Uzbekistan автомобиллари савдоси ярим йил ичида 17 фоизга қисқарди

2016 йил биринчи ярмида Россияда GM Uzbekistan томонидан ишлаб чиқилган 8574 дона автомобиль сотилди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 17,2 фоизга камдир. Бу ҳақда Европа бизнес уюшмаси Автомобилсозлар қўмитаси маълумот тарқатди.

Хусусан, июнь ойида Россияда GM Uzbekistan қўшма корхонаси ишлаб чиқарган 1136 дона машина сотилган. Бу 1735 дона автомобиль сотилган ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 35 фоизга камдир.

2015 йили ўзбек автомобилсозлари Россияда 2014 йилга нисбатан 46 фоизга кам автомашина сотгандилар.

Умумий ҳисобда, Россия автомобиль бозорида ўтган ярим йил ичида 672 мингдан 100 дона автомобиль сотилган. Ваҳоланки, ўтган йилнинг шу даврида бу ерда 782 минг 400 дона машина сотилганди.