Фарғонада хорижлик сайёҳларга мева териб, ҳордиқ чиқариш таклиф этилмоқда

Фарғона вилоятидаги маҳаллий саёҳат фирмалари хорижлик сайёҳларга агротурлар таклиф қилаяпти.

“Ўзбектуризм” матбуот хизматига кўра, бундай саёҳатлар Қува туманидаги “Роҳатой” фермер хўжалиги ва илмий-текшириш институти қошидаги боғларда мева ҳосилини йиғиб олиш чоғида ўтказилмоқда. Шунингдек, агротурлар Олтиариқ туманидаги “Эсон балиқ”, Тошлоқ туманидаги “Акмал-75”, Фарғона шаҳридаги “Ўрағбой ота”, “Шаршара”, “Фарғона Орифжон келажаги” балиқ хўжаликларида ҳам ташкил этилиб, бу ерларда сайёҳларга балиқ тутиш, қайиқда сузиш ва тутган балиғини пишириш таклиф қилинаяпти.

Ширкат бу каби саёҳатлар хорижликларни бефарқ қолдирмаётгани, июнь ойида Малайзия ва Германиядан бўлган 50 чоғли сайёҳ бу каби турларда иштирок этганини ёзади.