Ўзбек расмийлари биринчи ярим йилликда инфляция даражаси 2,5 фоизгагина ўсганини иддао қилмоқда

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистонда 2016 йил биринчи ярмида инфляция даражаси 2,5 фоизни ташкил қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Иқтисодиёт вазирлиги ва Давлат статистика қўмитаси чиқарган қўшма ҳисоботда айтилади.

“Юқори иқтисодий ўсиш суръатларига ташқи савдо айланмасининг ижобий сальдоси, давлат бюджетининг ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,1 фоиз профицити ва 2,5 фоизни ташкил қилган инфляция даражасининг пастлигини ифода этган макроиқтисодий мутаносибликни сақлаш орқали эришилди”, дейилади Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги сайтида эълон қилинган ҳисоботда.

Бу рақам Ўзбекистон билан иқтисодиёти чамбарчас боғлиқ бўлган мамлакатлардаги кўрсаткичдан анча кам бўлгани учун у қадар ишончли кўринмайди. Дейлик, қозоқ расмийлари қайдича, қўшни мамлакатда биринчи ярим йилликда инфляция даражаси Ўзбекистондагидан қарийб 2 баробар кўп, аниқроғи, 4,48 фоизни ташкил қилган. Россиядаги инфляция билан боғлиқ расмий рақам эса 3,3 фоиздир.