Асакадаги GM Uzbekistan заводи қайта ишга туширилди

Асакадаги GM Uzbekistan заводи август ойида ўтказилган профилактик тадбирлардан сўнг душанба куни қайта ишга туширилди. Бу ҳақда Асака заводи матбуот хизмати маълум қилди.

“Айни пайтда завод одатдаги режимда белгилаб берилган режа асосида ишлаяпти”, дейилади завод матбуот хизмати тарқатган билдирувда.

Асака заводи профилактик ишлар учун ёпилиши ҳақида август ойининг бошларида хабар берилган эди. Айрим кузатувчилар Асака заводининг “профилактика учун” деган баҳона билан ёпилиши иқтисодий инқироз билан боғлиқ бўлиши мумкин, деган фикрларни билдирган.

GM Uzbekistan ширкати эълон қилган расмий рақамларга кўра¸ ширкатнинг 2016 йилнинг биринчи ярим йилидаги соф даромади 4¸394 миллиард сўмни ташкил этган. Бу эса¸ ўтган йилнинг айни даврига нисбатан 34 фоизга камдир.