Озарбайжон президенти таъзия билдириш учун Ўзбекистон элчихонасига келди

Озарбайжон президенти Илҳом Алиев.

Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Бакуда Ислом Каримовнинг вафоти муносабати билан таъзия билдириш учун Ўзбекистон элчихонасига ташриф буюрди.

“Озарбайжон раҳбари душанба куни Бакудаги Ўзбекистон элчихонасига ташриф қилди. У таъзия билдириб, хотира китобига ўз ҳамдардлигини ёзиб қолдирди”, дейилади Озарбайжон президенти матбуот хизмати тарқатган билдирувда.

Ўзбекистон ҳукумати Ислом Каримов вафоти муносабати билан уч кунлик мотам эълон қилган эди. Бугун Россия президенти Владимир Путиннинг Самарқандга келиб, Каримов қабрини зиёрат қилиши кутилмоқда.

Путин Самарқандга бориши ҳақида Хитойда ўтган G20 саммити якунлари юзасидан журналистларга суҳбат бераётган пайтда айтган эди.