Ўзбекистонда машҳур япон археологи Кюдзо Като вафот этди

Археологияга оид иллюстратив сурат.

Ўзбекистонда таниқли япон археологи Кюдзо Като 12 сентябрь куни 94 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Ўзбекистон вазирлар маҳкамасининг расмий сайти 14 сентябрь куни хабар берди.

Ўзбекистон ҳукумати сайтида “Кюдзо Катонинг вафоти - ўзбек халқи учун оғир йўқотиш” деб айтилади.

Япон археологи Ўзбекистонга биринчи марта ўтган асрнинг 60-йилларида келган ва бу ерда тадқиқотлар олиб борган эди. Кюдзо Като умрининг 25 йили бевосита Ўзбекистон билан боғлиқ.

“Халқимизнинг бебаҳо тарихий-маданий меросини ўрганиш ҳамда Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги самарали муносабатларни ривожлантиришга япон профессорининг қўшган ҳиссаси ўлкамиз тарихига олтин ҳарфлар билан ёзилади, унинг илмий ишлари эса бутун дунёнинг жуда кўпдан-кўп авлодлари томонидан катта қизиқиш билан ўрганилади”, дейилади ҳукумат сайтида.

Кюдзо Като “Дўстлик” орденига сазовор бўлган эди. У Термиз шаҳрининг фахрий ватандоши ҳисобланади.