Ўзбекистонда "ёшлар сиёсати тўғрисида"ги қонун кучга кирди

Ўзбек қизлари.

Ўзбекистон президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев 14 сентябрь куни Олий мажлис томонидан тасдиқланган “Давлатнинг ёшлар сиёсати тўғрисида”ги қонунни имзолади.

Мазкур қонун пайшанба кунидан бошлаб кучга кирди. Қонунда давлат ёшлар сиёсати соҳасида ижтимоий-иқтисодий, ташкилий ва ҳуқуқий чоралар тизимини қабул қилиши ҳамда ёшларнинг интеллектуал, ижодий ва бошқа томондан ривожланиши учун шароитлар яратиши назарда тутилади.

Қонунда ёшлар тушунчаси 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган одамларни англатиши белгиланган. Шунингдек, қонунга ёш оила, ёш мутахасис ва ёш тадбиркор, деган тушунчалар ҳам киритилган.

Қонунда ёшлар ва ёш оилаларни ижтимоий жиҳатдан ҳимоялаш мақсадида ёшлар ижтимоий хизмати ташкил этилиши белгилаб берилган.