Ўзбекистон ва Қирғизистон Ҳукумат делегациялари чегара масаласида учрашди

14-20 сентябрь кунлари Жалолобод ва Ўш шаҳарларида Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикасининг Ўзбекистон-Қирғизистон давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш масалалари бўйича Ҳукумат делегациялари ишчи гуруҳларининг учрашуви бўлиб ўтди, деб хабар қилди Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати.

Айтилишича, икки қўшни давлат делегациялари “тасдиқланган иш режасига мувофиқ” учрашган.

“Ишчи гуруҳлари томонидан давлат чегарасининг 23 та участкасида қўшма дала текширувлари ўтказилди. Музокаралар якунига кўра Баённома имзоланди.
Учрашув конструктив руҳда ва дўстона муҳитда ўтди”, дейилган хабарда.

Ўзбекистоннинг Сўх ва Шоҳимардон экславлари деярли 40 кун қамал ҳолатида бўлди. Қирғизистон чегарани 3 сентябрда беркитган бўлса, Ўзбекистон ўз чегарасини август ойида ёпган эди.

Мазкур икки эксклав билан Ўзбекистоннинг асосий қисми билан алоқа 19 сентябрда қайта тикланди.