Россия Саратовида ўзбекистонлик йигит қотилликда айбланмоқда

Саратов вилоят прокуратураси Ўзбекистон ватандоши Уйғун Боброевга нисбатан очилган жиноят иши бўйича айблов хулосасини тасдиқлади. Муқаддам судланган 28 ёшли бу йигит икки кишини ўлдирганликда, беш кишини ўлдиришга қасдланганликда ҳамда уйни ёқиб юборганликда айбланмоқда.

Тергов тахминига кўра, 2015 йил 24 декабрида Боброев Маркс туманидаги Орловское қишлоғида 20 ёшли таниши Галина билан жанжаллашиб қолганидан кейин унинг уйини ёқиб юборган. Бу пайтда уйда ҳеч ким бўлмаган. Шундан сўнг у Галинанинг бувисига тегишли қўшни уйга ўт қўйган. Ёнғин оқибатида 2012 йилда туғилган қизалоқ ва руҳий хаста бўлган 33 ёшли эркак нобуд бўлган. Яна уч киши маҳаллий аҳоли ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари томонидан қутқариб қолинган.

Боброев ўз айбини қисман тан олган. Ўзбекистонлик йигитнинг айби судда исботлангудек, у 8 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум этилиши ёки умрбод қамоқ жазосига тортилиши мумкин. Айни пайтда жиноят иши Саратов вилоят судига ўтказиб берилгани айтилмоқда.