Афғонистонда Лутфий қабри ободонлаштирилади

Ҳиротдаги Алишер Навоий мақбараси таъмирдан чиқарилаётган пайт.

Ўзбекистондаги Бобур халқаро жамғармаси Афғонистонда дафн этилган ўзбек мутафаккирлари қабрларини ободонлаштириш ва реконструкция қилиш дастурини амалга оширмоқда.

Ўзбек матбуотининг жамғармага таянган ҳолда билдиришича, жорий йилда ҳазрати Лутфий қабри ободонлаштирилади. Унинг Ҳиротдан 60 километр узоқликда жойлашган Кашти Канор қишлоғидаги қабрига машҳур ҳайкалтарош Тоҳир Раҳимов мармардан ясаган қабртош ўрнатилади. Бундан ташқари Афғонистонда Навоий номидаги боғни барпо этиш режалаштирилмоқда.

Ўтган йили Бобур жамғармаси Алишер Навоий қабрини ободонлаштирган эди. Навоий қабри атрофига Ўзбекистондан олиб келинган 1150 туп кўчат экилган, мақбара таъмирдан чиқарилган.