Ўзбекистонда Қирғизистондан наша ташиган шахслар судланди

Тошкентдаги Яшнобод туман суди Қирғизистондан банг моддалари ташиган гуруҳ аъзоларини уч йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарган.

Мазкур суд мулозимининг РИА Новости агентлигига маълум қилишича, гуруҳ Тошкент шаҳри ва вилоятида яшаган ҳамда доимий иш жойига эга бўлмаган беш кишидан иборат бўлган.

Мулозим иддаосича, жиноий гуруҳ аъзолари пул топиш учун тез-тез Қирғизистонга чиқиб туришган ва ўша ерда маҳаллий бангфурушлар билан алоқа ўрнатишган.

Гуруҳ фаолияти 2016 йил майида тартиб посбонлари томонидан фош этилганини айтган суд вакили бангфурушлар уйи тинтилганда 10 килограммга яқин кўкнор ва наша топилганини қўшимча қилган.