ЕХҲТ кузатувчилари Ўзбекистондаги вазиятни ўрганади

Шу йилнинг 11 октябридан 14 октябригача Ўзбекистонда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти кузатувчилари миссияси фаолият олиб бориб, ички сиёсий вазият билан танишади. Миссия иши натижаларидан келиб чиққан ҳолда 4 декабрь куни ўтажак президент сайловини тўлақонли мониторинг қилишнинг нақадар мақсадга мувофиқлиги ҳақида қарор қабул қилинади.

Москвада чоп этилувчи “Независимая газета” нашрининг ёзишича, ЕХҲТ Ўзбекистондаги президент сайлови шунчаки расмиятчилик учун ўтказилаётгани, мавжуд режимда кузатилаётган оз-моз либераллашув эса “хўжакўрсин”га қилинаётганини истисно қилмайди.

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси декабрда ўтадиган президент сайловини баҳолаш учун ЕХҲТ кузатувчиларини таклиф қилган. Тошкент Ғарбга демократик қадриятларга ҳурмати баландлигини намойиш қилишга уринмоқда.

Аввалги йилларда ЕХҲТ Ўзбекистонда ўтувчи ҳар қандай сайловга чекланган миссия юборган ва буни Ўзбекистондаги сайловларда рақобат мавжуд эмаслиги, шу важдан тўлақонли миссия юборишга ҳожат йўқлиги билан изоҳлаган.