ОАВ: Ўзбекистоннинг собиқ раҳбари Тошкентга келди

Рафиқ Нишонов

Ўзбекистон ССР Компартияси Марказқўмининг собиқ биринчи котиби, СССР Олий Cовети Миллатлар кенгаши собиқ раиси Рафиқ Нишонов қисқа муддатли сафар билан Тошкентга келди.

Ўз манбаларига таяниб, uzmetronom.com сайтининг хабар қилишича, Нишоновнинг Ўзбекистонга сафарини “таги ўзбекистонлик россиялик олигарх ўзининг шахсий самолётида таъминлаган”. Сайт олигархнинг исм-фамилиясини ўз хабарида тилга олмаган.

uzmetronom.comнинг ёзишича, 90 га кирган Нишоновни унинг мезбонлари Тошкент метросининг “Ҳамид Олимжон” бекатида жойлашган энг қиммат магазинга олиб борган. Сайтга кўра, бу ерда “битта галстук 15 – 20 минг доллар туради”.

Рафиқ Нишоновнинг Тошкентга қисқа муддатли сафар билан келганини ёзган сайт у Москвага қайтиб кетдими-йўқми – маълумот бермади.

Нишоновнинг Ўзбекистонга келгани тўғрисида ҳозирча бошқа манбаларда хабар пайдо бўлмади.