ЕХҲТ вакили Ўзбекистон Марказий сайлов комиссиясида қабул қилинди

Ўзбекистондаги сайлов участкаларидан бирида овоз бериш пайтида олинган сурат.

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси раиси Мирзоулуғбек Абдусаломов ЕХҲТнинг Тошкентдаги ваколатхонаси лойиҳалар мувофиқлаштирувчиси Жон Макгрегор билан учрашди.

Учрашувда ЕХҲТ вакилига 4 декабрда ўтадиган президентлик сайловига тайёргарлик борасида ахборот берилди.

Бундан аввалроқ Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти кузатувчилари миссияси 11 октябрдан 14 октябргача Ўзбекистонда бўлиб, ички сиёсий вазият билан танишиши хабар қилинган эди.

Миссия иши натижаларидан келиб чиққан ҳолда 4 декабрь куни ўтажак президент сайловини ЕХҲТ томонидан тўлақонли мониторинг қилишнинг нақадар мақсадга мувофиқлиги ҳақида қарор қабул қилинади.

Аввалги йилларда ЕХҲТ Ўзбекистонда ўтувчи ҳар қандай сайловга чекланган миссия юборган ва буни Ўзбекистондаги сайловларда рақобат мавжуд эмаслиги, шу важдан тўлақонли миссия юборишга ҳожат йўқлиги билан изоҳлаган.