Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасини аниқлаш бўйича протокол имзоланди

Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасидаги Дўстлик чегара пункти.

Фарғона ва Андижонда ўтган музокаралардан сўнг Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасини аниқлаш бўйича протокол имзоланди. Бу ҳақда 15 октябрь куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди.

Хабарда айтилишича, Фарғона ва Андижон шаҳарларида ўзбек –қирғиз чегарасини аниқлаш бўйича давлатлараро комиссияси йиғилиши бўлиб, унда Ўш, Жалолобод ва Боткен вилоятлари билан чегарадош ҳудудлардаги 55 та баҳсли ҳудуд масаласи муҳокама қилинган. Комиссия вакиллари баҳсли ҳудудларга бориб, у ердаги вазият билан танишган.

Музокралар якунида мазкур баҳсли ҳудудларга оид протокол имзоланган. Бироқ Қирғизистон расмийлари бу борада ҳозирча маълумот бергани йўқ.

Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасининг узунлиги 1378 километрни ташкил қилади. Бу чегаранинг 320 километри шу кунгача аниқланмасдан қолмоқда.