АҚШ Давлат котиби муовини Тошкентга келади

АҚШ Давлат котибининг сиёсий ишлар бўйича ўринбосари Томас Шэннон.

АҚШ Давлат котибининг сиёсий ишлар бўйича ўринбосари Томас Шэннон Марказий Осиё сафари доирасида 27 октябрь куни Ўзбекистонга келади.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг маълум қилишича, сафар чоғида Т. Шэннон мамлакат раҳбарияти томонидан қабул қилинади ҳамда бошқа қатор учрашувларни ўтказади.

Бу америкалик дипломатнинг Марказий Осиёга илк сафаридир. АҚШ Давлат департаменти маълумотига кўра, жаноб Шэннон минтақа мамлакатлари билан ҳамкорлик доирасида С5+1 гуруҳи билан мулоқотни давом эттиради.

Ўзбекистонга ташриф чоғида дипломатнинг Тошкентдан ташқари Самарқанд шаҳрида бўлиб, у ерда собиқ президент Ислом Каримов қабрини зиёрат қилиши кутилмоқда.

Аввалроқ Т. Шэннон Ўзбекистон ташқи ишлар вазири А. Комилов билан Нью Йоркда учрашиб, икки томонлама ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилганди.