Ўзбекистонда учоқларда йўловчи ташиш 5 фоизга озайди

"Ўзбекистон ҳаво йўллари" самолëтлари.

"Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиаширкати 2016 йилнинг 9 ойи мобайнида 16 минг 690 та рейсни амалга ошириб, 1 миллион 882 минг йўловчига хизмат кўрсатди.

Авиаширкат расмий сайтидаги ҳисоботда қайд этилишича, мазкур рақам ўтган йилнинг шу давридаги кўрсаткичга нисбатан 5 фоизга оздир.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” маълумотида йўловчилар сонининг озайиши сабаблари айтилмаган. Бироқ авиаширкат яқин хориж ва республика бўйлаб парвозлар сони 4,2 ва 14,4 фоизга озайганини билдирган.

Айни пайтда Ўзбекистон ҳаво йўлларида юк ташиш ҳажми ҳам ўтган йилнинг шу даврига солиштирганда 1,6 фоизга камайган.

Ҳисоботда айтилишича, 9 ойда миллий авиаширкатнинг юк ташувчи самолётлари 734та рейсни амалга оширган ва 30,6 минг тонна юкни манзилга етказган.