Саратовда ўзбекистонликлар кетаётган автобус ағдарилиши оқибатида 16 одам жароҳатланди

Россия йўлларида автобуслар ҳалокати тез-тез юз бериб туради.

Россиянинг Саратов вилоятида 24 нафар ўзбекистонлик кетаётган автобуснинг ағдарилиши оқибатида 16 киши жабрланди.

Саратов вилоят саломатликни сақлаш вазирлигининг билдиришича, жабрланганлардан 6 нафари касалхонага ётқизилган, қолган 10 одам енгил тан жароҳатлари олган.

Автобус Садовка қишлоғи яқинида якшанба куни Москва вақти билан соат 8дан 20 дақиқа ўтганида ағдарилиб кетган.

Дастлабки текширув натижаларига қараганда, қор босган трассада ҳайдовчи бошқарувини қўлдан чиқариб юборган ва бунинг оқибатида автобус йўлдан чиқиб кетиб ағдарилган.

Санкт-Петербургдан Тошкентга кетаётган автобус йўловчиларининг барчаси Ўзбекистон ватандоши бўлган.