Москва хиëбонларидан бирига Ислом Каримов номи берилади

Ўзбекистонда Ислом Каримов хотирасини абадийлаштириш бўйича ҳукумат комиссияси иш олиб бормоқда.

Маҳаллий нашрларнинг ëзишича¸ яқин кунларда Ўзбекистоннинг Москва марказидаги консуллиги яқинидаги ҳозирча номсиз янги хиёбонга Ўзбекистон Республикасининг биринчи президенти Ислом Каримов номи берилади.

Москва шаҳар ҳокимлиги сайтига кўра¸ Ислом Каримов номи берилиши таклиф этилган хиëбон Якиманка туманидаги Большая Полянка кўчасининг 39-уй ва Казачье 1-тор кўчасидаги 13-уй оралиғида жойлашган.

Айтилишича¸ бу ташаббус Россия ва Ўзбекистон фан, сиёсат ва санъат намояндалари томонидан ўртага ташланган ва улар шу сўров билан Москва шаҳар ҳокимлигига мурожаат қилишган. Ҳозирча мазкур сўров муаллифларига оид маълумот очиқланмади.

Бу сўровнинг Москва шаҳри маъмуриятининг 1 ноябрдаги мажлисида кўриб чиқилиши ва унга оид қарор қабул қилиниши кутилмоқда.

Ўзбекистонда Ислом Каримов номини абадийлаштириш бўйича ҳукумат комиссияси тузилган. Ҳозирча марҳум президент номи унинг қизи ва куëви томонидан таъмирдан чиқарилгани айтилаëтган Тошкент шаҳридаги собиқ Жўрабек масжидига берилди.