Ўзбекистонда салафийликда айбланган кишиларни қамаш давом этмоқда

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди тўрт ўзбекистонликни салафийлик ғоялари тарғиботида айбдор деб топиб, уларни беш йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарган.

Бу ҳақда Спутник нашри Тошкент шаҳар прокуратурасидаги манбалари сўзларига таянган ҳолда хабар тарқатди.

Манбага кўра, тинтув чоғида судланганлар уйидан экстремистик мазмундаги диний адабиётлар топилган.

Ўзбекистонда салафийлик экстремистик оқимлардан бири бўлиб ҳисобланади.

Тошкент прокуратураси вакили салафийликда айбланган шахслар қўлга олинган пайтда уларнинг Сурияда жанг қилаётган Исломий Давлат жангари гуруҳига алоқадор эканини тасдиқловчи ҳужжат ва кўрсатмаларни қўлга киритилганини қўшимча қилган.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Ўзбекистонда анъанавий диний қарашга эга бўлмаган диндорларнинг исталган бири тақиқланган оқимларга аъзоликда айбланиб, узоқ йилга озодликдан маҳрум этилиши мумкинлиги юзасидан хавотир изҳор қилиб келадилар.