Ўзбек расмийлари Россияга мева-сабзавот экспорт қилиш осонлашишини айтмоқдалар

Ўзбекистон ва Россия шу йил ноябрь ойи охиригача хўл ва қайта ишланган мева-сабзавот экспорти учун “яшил йўлак” барпо қилиш бўйича қатор ҳужжатларни имзоламоқчи.

Sputnik нашри хабарига кўра, бу ҳақда Тошкентда ўтаётган Халқаро мева-сабзавот ярмаркаси чоғида Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Улуғбек Рўзиқулов маълум қилган.

Рўзиқуловга кўра, мазкур ташаббус Ўзбекистондан Россияга етказилаётган мева-сабзавот маҳсулотларининг божхона ва фитосанитария назоратидан ўтишини осонлаштиришни кўзда тутади.

Ўзбекистон бош вазири ўринбосари томонлар бу муҳим лойиҳани ишга тушириш учун шу ойнинг ўзида қатор ҳужжатларни имзолаш ниятида эканларини билдирди.

Маълум бўлишича, ярмаркада Россиядан ташқари Қозоғистон, Корея, Хитой, Япония, Туркия ва Европа мамлакатларига умумий ҳажми 2,5 миллион тоннадан зиёд қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етказиб бериш бўйича шартномалар имзоланган.