Қирғизистонлик муҳожир Россияда қарз туфайли ўзбек муҳожирини чавақлади

Россиянинг Тула вилоятига қарашли Елькино қишлоғи яқинидаги даладан 11 ноябрь куни ўзбекистонлик 29 ёшли йигит жасади топилди. Қотиллик юзасидан Тула вилоят тергов бошқармаси жиноят иши очган.

Мазкур жиноятда 32 ёшли қирғизистонлик гумонланмоқда. Ҳозирда у қўлга олинган.

Тергов тахминига кўра, 2 ноябрь оқшомида гумондор ўзидан қарз олган мақтул билан жанжаллашиб қолган. Аввалига айбланувчи ўзбекистонлик муҳожирни калтаклаган, кейин эса унинг танасига камида беш марта пичоқ урган. Шундан сўнг у жиноят изларини эплаганича яширишга уриниб, воқеа жойидан ғойиб бўлган.

Суд айбланувчини ҳибсда сақлаш ҳақида қарор чиқарган. Иш бўйича тергов ишлари давом этмоқда.