Ўзбекистонда президент сайлови олдидан хавфсизлик чоралари кучайтирилмоқда

Ўзбекистонлик милиционерлар.

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари президент сайлови кампанияси чоғида жамоат тартибини сақлаш, республика ватандошлари ва меҳмонлар хавфсизлиги таъминлаш учун зарур чораларни кўрмоқдалар. Бу ҳақда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва юридик таъминлаш бошқармаси бошлиғи Илҳом Турғунов 14 ноябрь куни журналистларга маълум қилган.

Аввалроқ Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси 4 декабрга белгиланган президент сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш пайтида жамоат тартиби ва хавфсизликни таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги резолюцияни қабул қилганди.

Турғуновга кўра, хавфсизликни таъминлаш мақсадида ички ишлар ходимлари, автотранспорт, алоқа ва бошқа техник воситалар етарлича миқдорда ажратилган, участкалар ёнғин ҳақида огоҳлантирувчи автоматик тизимлар билан жиҳозланган.

4 декабрь куни ўтказилажак сайловда Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан номзод ўлароқ амалдаги бош вазир Шавкат Мирзиёев, Халқ-демократик партиясидан Ҳотамжон Кетмонов, Миллий тикланиш партиясидан Сарвар Отамуродов ва Адолат партиясидан Наримон Умаровлар қатнашади.