Ўзбекистонда кўзи ожизлар ўзгалар ёрдамисиз овоз бериш имкониятига эга бўлди

Ўзбекистонда президентлик сайлови 4 декабрда ўтказилади.

Ўзбекистонда 39 мингдан ортиқроқ кўзи ожиз фуқаролар 4 декабрда ўтадиган президентлик сайловида биринчи марта ўзгалар ёрдамисиз овоз бериш имкониятига эга бўлади.

Ўзбекистон кўзи ожизлар жамиятининг маълум қилишича, бунинг учун Брайл шрифтига асосланган махсус овоз бериш бюллетенлари чоп этилади.

Кўзи ожизлар учун махсус бюллетенлар Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ҳудудида биринчи марта Ўзбекистонда жорий этилмоқда. Бундан ташқари кўзи ожизлар учун овоз бериш тартиби ва сайлов ҳуқуқига оид махсус адабиётлар ҳам чоп этилиши назарда тутилган.

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси Брайл шрифтидаги овоз бериш варақчалари ўзбек ва рус тилларидан нашр этилишини маълум қилди.