Истанбулда юз кило пулни ноқонуний олиб ўтмоқчи бўлган ўзбекистонликлар ушланди

Туркиядаги haberler.com нашрининг хабар беришича Истанбул аэропортида 9,5 миллион долларни ноқонуний олиб ўтишга ҳаракат қилган Ўзбекистон ва Қирғизистон ватандошлари қўлга олинди.

Хабарда айтилишича, воқеа 18 ноябрь куни бўлиб ўтган. Қўлга олинганлар сони етти кишини ташкил қилади. Улар олиб ўтмоқчи бўлган пулнинг оғирлиги юз килограмм бўлган.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги қўлга олинганлар орасида бир нафаригина Қирғизистон ватандоши эканини тасдиқлади. Лекин Ўзбекистон расмийлари ҳозирча бу маълумот юзасидан муносабат билдирган эмас.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлигининг билдиришича, қўлга олинганларга нисбатан Истанбул хавфсизлик бошқармасининг молиявий жиноятлар бўйича департаменти тергов олиб бормоқда.