Боксчи Руфат Рисқиев комага тушди

Боксчи Руфат Рисқиев.

“Тошкент йўлбарси” лақаби билан танилган ўзбекистонлик боксчи Руфат Рисқиев куни кеча оғир аҳволда касалхонага олиб кетилган. Мияга қон қуйилиши ташхиси қўйилган собиқ боксчи, Фарғона.ру агентлиги хабарига кўра, ҳозирда ҳукумат стационарининг жонлантириш бўлимида ётибди.

Шу йилнинг 18 сентябрида бир оёғи қорасон туфайли кесиб ташланган Рисқиев бир ойдан кўпроқ давом этган муолажадан сўнг уйига қайтганди.

Айтилишича, бир неча кун муқаддам оғайнилари томонидан тўйга олиб кетилган собиқ боксчи қайтишда ота уйига кириб ўтмоқчи бўлган ва ўша ерда икки кун қолиб кетган. Шифокорлар ёрдамидан мосуво бўлган Рисқиев ўша ерда ҳушини йўқотган.

67 ёшли Руфат Рисқиев 1974 йили жаҳон чемпиони унвонига сазовор бўлганди. Ўз фаолияти давомида у 189 марта жанг ўтказган ва улардан 174 тасида ғалаба қозонган.