"Ўзагроэкспорт" ой охиригача $1 млн. мева-сабзавотни Россияга сотмоқчи

Ўзбекистонда етиштирилган 1 миллион АҚШ долларилик сабзавот ва мева шу йилнинг охирига қадар Россияга экспорт қилиниши айтилмоқда.

Podrobno.uz агентлигининг хабар қилишича, Россиядаги "Холидей" ширкатлари гуруҳи таркибидаги "Порт" компанияси "Ўзагроэкспорт" ширкати билан шартнома имзолаган.

Шартнома асосида мева-сабзавотнинг 1 миллион долларлик биринчи партияси декабрь охирига қадар Россияга юборилади. 2017 йил давомида эса ҳафтасига 150 тонна мева-сабзавотни Россияга жўнатиш режаланмоқда.

"Холидей" Россиядаги йирик ширкатлардан бири ҳисобланади.

Россия томони берган маълумотга кўра, 2016 йил ичида Ўзбекистондан борадиган мева-сабзавот ҳажми сезиларли даражада ошган ва бу йўналишдаги маҳсулот алмашинуви 2,3 баробарга ўсган.

Агентликнинг хабар қилишича, 2016 йил давомида Ўзбекистон 700 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотини хорижга экспорт қилган, йил охирига қадар бу кўрсаткични 1 миллион тоннага етказиш мўлжалланмоқда.