Ҳасанбой Дўстматов Ўзбекистоннинг энг яхши спортчиси бўлди

Ҳасанбой Дўстматов Олимпиадада ғолиб деб эълон қилинаётган пайт.

Бразилиянинг Рио де Жанейро шаҳрида жорий йилда ўтган Олимпиада ғолиби, бокс бўйича олимпиада чемпиони Ҳасанбой Дўстматов Ўзбекистоннинг 2016 йилдаги энг яхши спортчиси сифатида эълон қилинди.

Маданият ва спорт ишлари вазирлигининг махсус мукофоти Ҳасанбой Дўстматовга Ўзбекистон бокс федерациясида топширилди.

Андижонда туғилиб ўсган Ҳасанбой Дўстматов сўнгги беш ой ичида учинчи марта мукофотланмоқда.

Бразилия Олимпиадаси доирасида ўтган бокс турнири натижаларига кўра, Дўстматовга аввалроқ Вэл Баркер кубоги топширилган эди.

Халқаро бокс ассоциацияси AIBA твиттерда ўтказган сўровда Ҳасанбой Дўстматов 77 фоиз овоз олиб, “Йилнинг энг яхши боксчиси” унвонига эга бўлди ва унга AIBA best men boxer 2016 мукофоти топширилди.