Ўзбекистонда халқаро тижорий арбитраж суди тўғрисидаги қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилди

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси мамлакатда чет эллик ҳакамлар иштирокидаги халқаро тижорий арбитраж судини ташкил этишни таклиф қилмоқда.

Палата томонидан ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталига муҳокама учун жойлаштирилгани ҳақида Газета уз нашри пайшанба куни хабар берди.

Ҳужжатда арбитраж жараёнининг барча босқичлари — томонларнинг арбитраж шартномасининг тузиши, арбитраж қарорини ижро этишда унинг шартлари, тан олиниш тартиблари ва ўтказилиши бўйича регламентлар кўзда тутилган.

Арбитраж суди таркиби 25 ёшдан кичик бўлмаган Ўзбекистон ва хорижий давлатлар фуқаролари ёхуд фуқаролиги бўлмаган шахслардан таркиб топиши мумкин.

“Қонун лойиҳаси муҳокамаси январь ойининг биринчи ярмида тугалланади ва қонун апрелдан кучга кириши мумкин”, деб ёзади Газета уз.