Бугун Ўзбекистон-Афғонистон сиёсий маслаҳатлашувлари бошланади

Иллюстратив сурат.

Бугун Тошкенда Ўзбекистон-Афғонистон сиёсий маслаҳатлашувининг биринчи раунди бошланади. Бу ҳақда Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

9-10 январ кунлари Ташқи ишлар вазирлигида ўтадиган сиёсий маслаҳатлашувларга Афғонистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Ҳикмат Ҳалил Карзай раҳбарлигида делегация келади.

Ўтган йилнинг охирида Тошкентга Афғонистон президенти катта маслаҳатчиси Ҳумоюн Қаюмий келган ва ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан учрашиб, ўзбек-афғон иқтисодий алоқаларини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилган эди.

Ташқи ишлар вазирлигининг билдиришича, 2015 йилда Ўзбекистон-Афғонистон ўртасидаги савдо айланмаси 444,5 миллион долларга етган. 2015 йилнинг 10 ойида бу кўрсаткич 429 миллион долларни ташкил қилган.

Бугунги кунда Ўзбекистонда Афғонистон билан ҳамкорликда ташкил этилган 70та қўшма корхона ишламоқда.