Ўзбекистонликлар қирғиз биродарларга ҳамдардлик билдирмоқда

Ижтимоий тармоқларда ўзбекистонликлар томонидан тарқатилган сурат.

Ўзбекистонликлар ижтимоий тармоқлар орқали Қирғизистонга турк учоғи қулаши оқибатида 36 одам ҳалок бўлгани муносабати билан ҳамдардлик билдирмоқда.

Ижтимоий тармоқларда Қирғизистон байроғи фонидаЎзбекистон байроғи акс этган значоқ тақилган қора таъзия тасмаси сурати жойлаштирилиб, “Ўзбек миллиятчилари қирғиз қондошларимизга таъзия билдирамиз”, деган сўзлар ёзилган сурат оммалашди.

Шунингдек, ижтимоий тармоқларнинг қозоқ, озарбайжон ва рус сегментларида ҳам қирғизистонликлар билан ҳамдард эканликларини изҳор қилган фойдаланувчилар кўпчиликни ташкил этмоқда.

Кеча Бишкекдаги “Манас” аэропорти яқинидаги Дача қишлоғига Гонконг - Истанбул йўналишида учиб кетаётган туркияга қарашли юк самолёти қулаши оқибатида 32 қирғиз ватандоши, жумладан, 13 нафар бола ҳалок бўлган. Экитпажнинг 4 аъзоси ҳам нобуд бўлган. Шунингдек, Дача қишлоғида 23 уй вайрон бўлган эди.

Авиаҳалокат оқибатида 11 қирғиз ватандоши, жумладан, 6 бола жароҳат олган. Улар касалхонага ётқизилди.

Президент Атамбаевнинг фармони билан 17 январь мотам куни деб эълон қилинган.