Давлат органлари очиқлиги индекси март ойида эълон қилинади

Ўзбекистонда жорий йилнинг март ойида биринчи марта давлат бошқаруви органларининг очиқлиги индекси эълон қилинади.

Парламент қуйи палатасининг ахборот ва коммуникация технологиялари бўйича қўмитаси раиси Илҳом Абдуллаевнинг айтишича, давлат бошқарув органлари фаолиятини баҳолаш учун турли методлар ишлаб чиқилади.

Илҳом Аҳмедов январь ойидан бошлаб махсус ишчи гуруҳи давлат органлари фаолияти тўғрисидаги маълумотларни йиға бошлаганини айтди.

Очиқлик индексига 47 давлат органи киритилади.

Индекс эълон қилиниши ортидан ватандошлар қайси давлат органи қай даражада самарали ишлаётгани тўғрисида маълумот олиш имконига эга бўлиши айтилмоқда.

2014 йилнинг 6 майидан кучга кирган "Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонун"да давлат органлари фаолиятига баҳо бериш мезонлари орасида¸ улар мутасаддиларининг оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлиги¸ расмий сайтидаги материаллар¸ турли тадбирларга оддий аҳолининг қатнашиш имкони каби критерийлар бор.