Ўзбекистон ва Афғонистон товар айрибошлашни 1,5 миллиард долларга етказмоқчи

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов.

Ўзбекистон ва Афғонистон икки давлат ўртасидаги товар айрибошлаш ҳажмини 1,5 миллиард долларга етказиш бўйича йўл харитасини имзолади. Бу ҳақда 24 январь куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди.

Мазкур ҳужжат Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг Кобулга қилган иш сафари доирасида имзоланди.

23-24 январь кунлари Кобулда ўзбек делегацияси вакиллари афғон тадбиркорлари билан ҳам учрашувлар ўтказган.

Ўзбекистон ва Афғонистон тадбиркорлари учрашувлар мобайнида дори-дармон, тиббиёт ускуналари ва “Тез ёрдам” машиналарини сотиш бўйича 49 миллион 300 минг долларлик шартномаларни имзоладилар.

Бундан ташқари Кобулда “Ўзсаноатэкспорт” савдо уйининг очилиш маросими ҳам ўтказилди.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигига кўра, Ўзбекистон- Афғонистон савдо айланмаси 2014 йилда 600 миллион долларни ташкил қилган.