Алишер Хўжаев ЎзМТРК раиси лавозимидан озод қилинди

ЎзМТРКнинг эндиликда собиқ раиси Алишер Хўжаев.

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясига (ЎзМТРК) янги раҳбар тайинланди. Ўзбекистон президенти қарорига биноан Хуршид Мирзоҳидов Мирсобирович телевидениенинг янги раиси сифатида тайинланган. У Алишер Хўжаевнинг ўрнини эгаллади.

Бу ҳақда хабар қилган кун.уз сайтига кўра, Хуршид Мирзоҳидов 1971 йили Тошкент шаҳрида туғилган. Маълумоти олий. 1995 йилда Тошкент электротехника алоқа институни тамомлаган. Мутахассислиги радиоалоқа, радиоэшиттириш ва телевидение муҳандиси. 2004 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясининг олий бизнес мактабини бизнесни бошқариш магистри унвони билан тамомлаган.

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясига (ЎзМТРК) раҳбари лавозимдан бўшатилган Алишер Хўжаев 1963 йили Тошкент вилоятида туғилган, 1985 йили Самарқанд давлат университетини физика ўқитувчиси мутахассислиги бўйича тамомлаган. У қарийб 12 йил ЎзМТРКга раислик қилди.