Лола Каримова-Тилляева Парижда The Best Award мукофотини олди

Парижда ҳар йилда бир бор саховатпеша кишиларга бериладиган The Best Award мукофотининг бу йилги совриндорлари орасида Лола Каримова-Тилляева ҳам бўлгани маълум бўлди.

27 январь куни бўлиб ўтган тадбирда мукофот олгани ҳақида Каримова-Тилляеванинг ўзи 3 февраль куни Facebook саҳифасида хабар тарқатди.

Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги доимий вакили ҳамда марҳум биринчи президент Ислом Каримовнинг иккинчи қизи бўлган Каримова-Тилляева, ижтимоий тармоқдаги саҳифасида ёзишича, ўз давлати ва Европада кўп йиллар давомида олиб борган хайрия ишлари учун мукофотга лойиқ топилган.

Лола Каримова-Тилляева Ўзбекистондаги икки йирик хайрия фонди - "Сен ёлғиз эмассан" ва Тошкентдаги республика болалар ижтимоий адаптацияси маркази раҳбаридир.

The Best Award муокофоти эса 1977 йилдан буён дунёда танилган филантропларга бериб келинади. Ҳар йили Парижда ўтадиган тақдимот маросимида эса таниқли сиёсатчилар, пулдорлар, кино, телевидение, спорт юлдузлари иштирок этади.