Президент Мирзиёев 2017 йил биринчи ярмида Қозоғистонга боради

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг биринчи ярмида давлат ташрифи билан Қозоғистонга келади. Бу ҳақда Қозоғистон президенти матбуот хизмати душанба куни маълум қилди.

Ташриф давомида Ўзбекистон - Қозоғистон ҳамкорлигининг барча соҳалари ва уларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади.

Мирзиёевнинг Қозоғистонга ташрифига қадар бир қатор вазирликлар ва ҳокимларнинг ўзаро учрашувлари режалаштирилган.

Масалан, Қозоғистонда янги ташкил этилган Мудофаа ва ҳарбий-техник ҳамкорлик вазирлиги делегацияси Тошкентга келади.

Март-Апрель ойларида эса Навоий ва Жиззах вилоят ҳокимлари Қозоғистондаги қўшни вилоятларга сафар қилади.

Аввалроқ Мирзиёев президент сифатида ўзининг биринчи сафарини Россияга қилиши ҳақида хабар берилганди.

Бугунги кунда Россия ва Ўзбекистон тегишли идоралари президентнинг Москва сафарига тайёргарлик ишларини бошлаб юборгани айтилмоқда.