Тожикистонда онасини тириклай кўмган йигит 25 йилга қамалди

Тожикистоннинг Кулоб минтақасидаги Хатлон вилоят суди ўз онасини тириклай ерга кўмган одамни 25 йилга озодликдан маҳрум қилди.

Судья Назирбек Азизий Озодлик радиоси тожик хизматига берган маълумотда айтилишича, 24 ёшли Тоғаймурод Миров Данғара туманида яшайдиган онасини тириклай ерга кўмганликда айбдор деб топилди.

Унга кўра, 2016 йилнинг сентябрида Тоғаймурод Миров онаси билан жанжаллашиб қолган. Жанжал ортидан у онаси Садафмо Нуровани белкурак билан бошига урган. Шундан сўнг ҳали тирик бўлган аммо хушидан кетган онасини кўмиб ташлаган.

Мировга нисбатан суд жараёни ўтган ҳафтанинг охирларида якунланди. Судда у ўзига билдирилган айбловни тўлиқ тан олгани айтилмоқда.

​Судьянинг айтишича, маҳакама жараёнида Тоғаймурод Миров онасидан барча тилла тақинчоқларни унга беришини талаб қилган. Бироқ она бунга кўнмаганидан сўнг, Тоғаймурод онасини бошига белкурак билан урган.

Тергов материалларига қараганда, Қайнар қишлоғида яшаган 53 ёшли Садафмо Нурованинг жасади 1 метр чуқурликда қазилган гўрдан топилган. Аёлнинг қўллари, оёқлари ва оғзи боғлаб ташланган ҳолатда бўлган.

Қўшнилар бир неча кундан сўнг Садафмо Нурованинг йўқолиб қолганидан ташвишлана бошлаган. Бироқ қўшниларининг ташвишига Тоғаймурод Миров“Онам бедарак йўқолиб қолди”, деб жавоб қайтарган.

Тойғаймурод онаси йўқолгани ҳақида милицияга ариза ёзишга шошилмаган. Буни сезган қўшнилар милицияга мурожаат қилган. Шундан сўнг бу даҳшатли жиноят фош этилди.

Хабарларда айтилишича, бунга қадар Тоғаймурод Миров ўғирликда айбланиб қамоқда ётиб чиққан экан.

Судланувчининг яқинлари Тоғаймурод Мировга чиқарилган суд ҳукми адолатли бўлганини ва бу ҳукм устидан шикоят қилмасликларини айтганлар.

Озодлик радиоси тожик хизматининг билдиришича, Тожикистонда яқин қариндошларни ўлдириш ҳолатлари ижтимоий-иқтисодий вазиятнинг мураккаблиги ортидан содир этилмоқда.

Бундан аввалроқ Кўлоб минтақасидаги Восе туманида отасини ўлдирганликда айбланиб Баҳодир Сангов қўлга олингани хабар қилинган эди.

Экспертлар бундай воқеалар юз бераётганига анъанавий қадриятларнинг унитилаётгани ва иқтисодий қийинчиликларга дош беролмаслик сабаб бўлаётганини айтганлар.