Тошкент пенсия, нафақа ва иш ҳақларини нақд пулда берилишини бемалол таъминлай олади. Бу ҳақда пойтахт ҳокимининг биринчи ўринбосари Нозим Ҳусанов маълум қилди.
Унга кўра, Тошкент банкларига ҳар ойда деярли 275 минг қарияга пенсияларни тўлаш учун 167 миллиард 700 миллион сўм, бюджет ходимларига ойлик тўлаш учун 193 миллиард 900 миллион сўм, ижтимоий нафақалар учун 7 миллиард 900 миллион сўм нақд пул зарур бўлади.
Ҳоким ўринбосари банкларга нақд пул келиб тушишини таъминлаш мақсадида тадбиркорлар ўртасида банкларга нақд пул топшириш юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилаётганини айтди.
Президент Мирзиёев аввалроқ барча пенсия ва нафақа турларини ҳеч қандай чекловларсиз ҳар ойнинг 27-кунида нақд пулда тўланишини таъминлаш бўйича фармонни имзолаган эди.