Ўзбекистонлик собиқ милиционер Россиядан Тошкентга экстрадиция қилинади

Халқаро қидирувда бўлган ва Россиянинг Оренбург вилоятида қўлга олинган ўзбекистонлик собиқ милиционер Тошкентга экстрадиция қилинади.

Бу ҳақда Оренбург вилоят прокуратураси расмийси Ольга Аникеева Регнум агентлигига 23 февраль куни маълум қилди.

Хабарда айтилишича, исми айтилмаётган ўзбекистонлик собиқ милиционер Ўзбекистон туманларидан бирида жиноят қидирув бўлимининг катта тезкор ходими бўлган. У 2013 йилда Ўзбекистон ватандошини асоссиз равишда мол ўғирлаганликда айблаб, бир неча кун ноқонуний равишда милиция бўлимида ҳибсда сақлаган. Очлик ва қийноқлар ортидан ноқонуний ҳибс қилинган шахс ўз жонига қасд қилган.

Тергов материалларига қараганда, шундан сўнг милиционер Ўзбекистондан Россияга қочган. Халқаро қидирувга берилган собиқ милиционер 2016 йилда Оренбургда қўлга олинган.

Хабарда Россия бош прокуратураси экстрадиция бўйича текширувни якунлагани ва собиқ милиционерни Ўзбекистонга экстрадиция қилиш тўғрисида қарор чиқаргани билдирилган.