Президент Мирзиёевнинг Туркманистонга 2 кунлик давлат ташрифи бошланди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев бугун Туркманистонга икки кунлик давлат ташрифини бошлади.

Туркман нашрларининг билдиришича, Ашхабод халқаро аэропортида президент Мирзиёевни туркман расмийлари кутиб олди.

“Самолёт трапидан аэропорт биносигача Мирзиёев шарафига фахрий қоровул тизилди. Миллий кийимлардаги болалар эса олий мартабали меҳмонга нон ва туз тутди”, дейилади "уркманистан. Золотой век” нашри хабарида.

Маълумотда айтилишича, бугун президент Мирзиёев ва Туркманистон раҳбари Бердимуҳаммедов музокаралар ўтказади ҳамда қатор ҳужжатларни имзолайди.

Шунингдек, бугун президентлар Ахалтекин от комплексини бориб кўрадилар. Бу ерда Мирзиёев шарафига отлар кўргазмаси ва чавандозлар чиқишлари намойиш этилади.

7 март куни Мирзиёев ва Бердимуҳаммедов Лебап вилоятига борадилар. Бу ерда улар Туркменабат-Фароб темир йўл ва автомобил кўприги очилишида иштирок этади.

Аввалроқ Озодлик радиоси туркман хизмати президент Мирзиёев Ўзбекистон биринчи президенти Ислом Каримовга Туркманистоннинг Чоржўй шаҳрида ўрнатилган ҳайкалнинг очиш маросимида иштирок этиши ҳақида хабар берган эди.