"Фарғонаазот"даги портлашга юқори босим қувурининг ёрилгани сабаб бўлгани айтилди

"Фарғонаазот" заводи.

“Фарғонаазот” заводида 23 февраль куни юз берган портлашга юқори босим қувури эскиргани ортидан ёрилиб кетгани сабаб бўлган.

Sputnik нашрининг "Ўзкимёсаноат" ширкатидаги манбасига таяниб 14 март куни хабар беришича, “Фарғонаазот”да юз берган портлашни ўрганиш бўйича ҳукумат комиссияси экспертларининг дастлабки хулосаси мана шундай бўлмоқда.

Манбанинг айтишича, комиссия ўз ишини якунлаш арафасида ва яқин кунларда якуний хулосалар эълон қилинади.

23 февраль куни “Фарғонаазот”нинг аммиак цехида таъмирлаш ишлари олиб борилаётган пайтда портлаш юз берган эди. Фарғона вилояти ҳокимлиги расмийси Озодлик радиосига портлаш оқибатида 6 киши ҳалок бўлганини айтган эди.