Тошкент ЙҲХ Бош бошқармаси: "Чиройли" номерлар сотилмайди

Ўзбекистон ҳозирча "555", "777" каби чиройли автомобил номерларини сотувга чиқаришни режалаштирмаган.

Тошкент ЙҲХ Бош бошқармасида бўлиб ўтган брифингда қилинган бу баёнот тўғрисида Sputnik хабар қилди.

Бироз олдин ижтимоий тармоқларда фуқаролар танловига қараб автомобил номерлари сотилиши мумкинлиги ҳақида хабарлар пайдо бўлган,"чиройли" номерлар 3 миллиондан 30 миллион сўмгача бўлиши мумкинлиги хабар қилинган эди.

"Ўзбекистонда давлат рақамларини сотиш тажрибаси йўқ ва режалаштирилмаган ҳам. Бундай амалиёт дунёнинг айрим мамлакатларида қўлланилади, шунинг учун ҳам бизнинг автомобилчиларимизда ҳам шундай саволлар пайдо бўлмоқда. Автомобил давлат рақами нархи қонун томонидан белгиланган, қолгани - уйдирма. Номерлар тасодифий равишда берилади", - дейилган Тошкент ЙҲХ Бош бошқармасида бўлиб ўтган брифингда

Кўпгина мамлакатларда бундай имкониятдан давлат ғазнасини бойитиш учун унумли фойдаланишади. Масалан, ўтган йили қўшни Қирғизистонда 01 KG 777ААА номери ким ошди савдога қўйилиб, қарийб 25 минг долларга сотилган.

Ўзбекистонда автомобил давлат рақами олиш учун 225 минг сўм тўлаш керак.